Авторадио Прямой эфир

Кечки дайджест

Норвегия шимолидаги Алта коммунасида юз берган кўчки балиқчилар қишлоғини деярли буткул йўқ қилди. The Local нашрининг хабар беришича, кўчки 8 та уйни ўзи билан денгизга олиб кетган.

Табиий офат аҳоли пунктидаги уйларнинг ярмини вайрон қилган.

Кўчки эни 650 метрни ташкил қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Қишлоқда асосан одамлар таътилга ёки дам олиш кунлари келадиган дала ҳовлилар жойлашган бўлган. Воқеа жойида қутқарувчилар иш олиб борган.

Гувоҳлардан бирининг таъкидлашича, у овқатланишга ўтирганда томда қарсиллаган овозни эшитган, сўнгра узилган симларни кўрган. Шунда у уйдан югуриб чиқиб, яқин орадаги тепаликка чиқиб олган. Эркак кейинроқ вертолётда эвакуация қилинган.

Воқеадан кейин коммунада инқироз штаби ташкил этилган. Кўчкига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Полиция маҳаллий автойўллар бўйлаб вақтинча ҳаракатланишни тақиқлаб қўйган.