Авторадио Прямой эфир

Kechki dayjest

Ўзбекистонда “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатасига киритилди. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг экспертлари ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳада гендер тенглик, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова. Лойиҳа билан эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди. Таъкидланишича, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан жамоат тартибини сақлаш соҳасида тизимли ва бир марталик ҳамкорлик масалаларининг тартибга солинмагани, ҳуқуқбузарлик ва жамоат тартибига таҳдид эҳтимоли фактларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни огоҳлантираётган шахслар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши кафолатлари йўқлиги муаммоли вазиятларни келтириб чиқараётган эди. Аксарият масалаларга лойиҳада аниқ ечимлар топилганига қарамай, мажлисда депутатлар айрим нормаларга аниқлик киритиш зарурлигини, эртага амалиётда ушбу қонун самарали ишлаши учун ҳужжатни яна бир бор қўмитада қайта кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб топдилар ва лойиҳа қайтарилди. 

Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.Ҳужжатга кўра, Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Нурота туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Узумчиликни ривожлантириш агентлиги, “Асакабанк” акциядорлик тижорат банки, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда 3 600 гектарда токзорлар барпо этиш бўйича чора-тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.